Тест режимида

Профилактика инспекторларининг суд мажлисларида “масофавий” тарзда қатнашиш амалиёти жорий этилади

05.04.2021

“Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5050-сон, 02.04.2021 й.) қабул қилинди. 

Қарорга кўра:

Бевосита жойларга чиққан ҳолда профилактика инспекторлари томонидан ҳар бир оила ва хонадондаги муҳитни, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига таъсир этувчи ижтимоий, инфратузилма ва бошқа муаммоларни ўрганиш ҳамда бартараф этиш бўйича “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими йўлга қўйилади.

2021 йил 1 сентябргача профилактика инспекторлари ваколатига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритуви тўлиқ электрон шаклга ўтказилади ва профилактика инспекторларининг суд мажлисларида “масофавий” тарзда қатнашиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ушбу ҳудудлардаги ички ишлар ва бошқа ваколатли органларнинг мавжуд куч ва воситаларини ягона “пойтахт минтақаси” тамойили асосида сафарбар қилган ҳолда ҳамкорликда амалга оширилади.

Тошкент шаҳридаги патруль-пост хизмати батальонлари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг бевосита бўйсунувидан чиқарилиб, тўғридан-тўғри туман ички ишлар органлари таркибига ўтказилади ва уларнинг кунлик хизмати маҳаллалар кесимида йўлга қўйилади.

Жамоат тартибини оммавий бузиш билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганда пойтахтдаги барча ички ишлар органлари фаолияти, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органлари ва жамоат тузилмалари куч ва воситаларининг ягона тезкор бошқаруви Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси зиммасига, умумий бошқаруви ички ишлар вазири зиммасига юклатилади.

Шунга кўра, Жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади.

Шунингдек, қарор билан  Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузурида Ягона тезкор бошқарув маркази ташкил этилди.

Марказ пойтахт ҳудудида криминоген ва ижтимоий вазиятни узлуксиз мониторинг қилади.

Қарор билан Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Манба: (t.me/huquqiyaxborot)