Тест режимида

Click ЎзР ИИВ билан ҳамкорликда маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлаш мақсадида илова яратди

07.04.2023

Click ЎзР ИИВ билан ҳамкорликда жарималарни онлайн тўлаш имконини берувчи “Click&IIV” иловасини яратди. Эндиликда жарималарни давлат органлари ходимларининг хизмат планшетлари орқали тўлаш мумкин.

Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида, Click Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази билан ҳамкорликда жарималарни онлайн тўлаш, учун мўлжалланган илова яратиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширди.

Мазкур илова Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимлари, ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ “E-ma’muriy ish” тизимига уланган ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, ҳамда тегишли жазо чораларини қўллаш ваколатига эга бўлган бошқа давлат органлари ходимларининг планшетларида ўрнатилган. иловада нафақат янги, балки тўлаш муддати ўтган жарималарни тўлаш ва қарздор томондан етказилган зарарни қоплаш учун имконият мавжуд.

Илова қандай ишлайди?

Click билан ҳамкорликда ишланган янги иловада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ходимлари ўзларининг хизмат ускуналари (планшетлари) ёрдамида маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлашда ёрдам беришлари мумкин.

Бунинг учун ИИВ ходими Click&IIV иловасида инвойс (тўлов) рақамини киритиш лозим, сўнг планшетда инвойснинг барча тафсилотлари акс эттирилади.

Тўловчи маълумотлар тўғри киритилганини текширади, сўнг ўзига қулай тўлов усулини танлайди.

Биринчи тўлов усули – Click аккаунти боғланган телефон рақамига ҳисоб чиқариш. Ҳисоб чиқарилгандан кейин фойдаланувчи жаримани бир “click”да қуйидаги интерфейсларда тўлаши мумкин: Click Up иловасида, @clickuz Telegram-ботида, интернет уланиши бўлмаган ҳолларда USSD-код орқали.

Иккинчи тўлов усули – Click Up иловасида QR-кодни сканерлаш. Ички ишлар органи ходими планшетида инвойс тафсилотлари кўрсатилган QR-код генерация қилингандан сўнг, тўловчи мазкур QR-кодни Click Up иловасида сканерлаши ва тўловни бир “click”да амалга ошириши мумкин.

Учинчи тўлов усули – карта рақамини киритиш орқали тўлаш. Агар Click Up иловасини ўрнатишга улгурмаган бўлсангиз, жаримани ИИВ ходими планшетида пластик карта рақами ва унинг амал қилиш муддатини киритган ҳолда тўлашингиз мумкин. Карта маълумотлари киритилганидан сўнг, фойдаланувчи маълумотлар тўғрилигини текшириши мумкин. Пластик карта уланган телефон рақамига текширув SMS-коди юборилади. Тўловчи ҳаракатларини тасдиқлаш учун мазкур код Click&IIV иловасида киритилиши лозим.