Тест режимида

Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти муҳокама қилинди

20.03.2022

Бугун, 19 март куни, Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 89 фоизи фош этилган, қидирувдаги 4 615 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 507 нафар шахс топилган.

9 314 та маҳаллада криминоген вазият таҳлил қилиниб, маҳаллалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган.

Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилда 2 639 та маҳаллада (28,3 фоиз) жиноятлар содир этилмаган, 3 628 тасида (39 фоиз) уларнинг содир этилиши ҳолатлари камайган.

Иқтисодиёт, бошқарув ва одил судлов соҳасида 1 313 нафар шахс томонидан содир этилган 1 018 та жиноят аниқланиб, улар оқибатида етказилган 86,1 млрд сўм миқдоридаги зарар ундирилиши таъминланган.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари томонидан эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, 2021 йилда содир этилган жиноятлар умумий сони 84 100 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 321,4 тадан тўғри келган.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси ёки 158 таси (37,1 фоизи), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 190 таси (14,4 фоизи) оилавий муаммолар туфайли содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг қарийб 60 фоизи (8 589 таси) Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги туфайли 2021 йилда 9 759 нафар хотин-қиз томонидан 9 053 та жиноят содир этилган.

Оила-турмуш муносабатлари доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 39 343 нафарига ҳимоя ордери берилган.

Мактабларда йўлга қўйилган «давомат тадбирлари» имкониятларидан самарали фойдаланиш, аҳолини огоҳликка чақириш йўналишидаги ишлар ҳам мунтазам равишда олиб борилмаган.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолмоқда. Жумладан, ушбу жиноятларнинг 65,2 фоизи Фарғона, Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятларига тўғри келади.

Бундан ташқари, 14 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, бундан буён масъул вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда хотин-қизлар, вояга етмаганлар, ёшлар, айниқса, бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати