Миллий мустақиллик – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам асосидир
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, мана шу муаззам “Янги Ўзбекистон” боғида туриб, сиз, азизларни, бутун халқимизни улуғ айём – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни, энг эзгу ва олижаноб тилакларимни изҳор этаман.
Ҳурматли дўстлар!
Бундан ўттиз бир йил муқаддам жаҳон харитасида “Ўзбекистон Республикаси” деган янги, мустақил давлат пайдо бўлди.
Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида мамлакатимизнинг миллий мустақиллигини дунёга эълон қилдик.
Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади.
Қадрли юртдошлар!
Охирги олти йил давомида биз Ватанимиз тараққиётининг янги босқичида кенг қамровли ислоҳотларимизни бошлаб, изчил давом эттирмоқдамиз.
Ўтган даврда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил фаолиятимиз дастурига айланди.
Вазир ва ҳокимлар, депутат ва сенаторлар, раҳбар ва мутасаддилар, умуман, барча-барчамиз, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, халқ ичига кириб, халқдан куч олиб, янги ёндашув асосида халқимизга хизмат қилмоқдамиз.
Бир ҳақиқатни ишонч билан айтишга барча асосларимиз бор: бугунги Ўзбекистон – бу кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.
Мамлакатимиз пандемия ва глобал инқирознинг салбий таъсирларига қарамасдан, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидан дадил олға бормоқда.
Ҳаммамиз яхши тушунамизки, бугун биз интилаётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш осон эмас. Бундай улуғ вазифанинг шарти ва мезонлари кўп. Аммо энг муҳим ва ҳал қилувчи омил – бу демократик ислоҳотлар йўлидир.
Шу боис халқимиз манфаатига тўла жавоб берадиган бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга қараб борамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Биз учун инсон, унинг қадр-қиммати қанчалик азиз бўлса, унинг хотираси ҳам шунчалик муқаддасдир.
Шу сабабли Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган ота-боболаримизнинг номларини оқлаш, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий меросини ўрганиш, хотирасини эъзозлашга янада муҳим аҳамият қаратмоқдамиз.
Миллий қадриятларимизда алоҳида ўрин тутадиган авлодлар ўртасидаги анъаналар давомийлигини сақлаш, уруш ва меҳнат фахрийларининг, муҳтарам отахон ва онахонларимизнинг ҳаётини янада мазмунли қилиш нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимизга айланмоқда.
Шунингдек, биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда азму шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз.
Фарзандларимиз нуфузли халқаро мусобақа ва фестиваллар, фан олимпиадалари ва танловларда ғолиб бўлиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб келмоқдалар.
Яқинда Ҳиндистонда бўлиб ўтган жаҳон шахмат олимпиадасида терма жамоамиз тарихда биринчи марта “Олимпия чемпиони” деган юксак шарафга сазовор бўлгани ҳаммамизга чексиз ғурур бағишлайди.
Ушбу улуғ айёмда мана шундай ақлли, иродаси мустаҳкам, мард ва жасур ўғил-қизларимизни, уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийларини ўз номимдан, халқимиз номидан яна бир бор қутлаб, уларга янги зафар ва омадлар тилайман.
Айни вақтда мамлакатимиз ёшлари Туркияда ўтказилган Ислом бирдамлик ўйинларида, ҳарбий хизматчиларимиз эса, халқаро армия мусобақаларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаганлари таҳсинга сазовордир.
Азиз юртдошлар!
Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори тобора юксалмоқда. Биз барча ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан дўстона ва тенг ҳуқуқли ташқи сиёсат юритишни давом эттирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган чет давлатларнинг муҳтарам элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини самимий қутлаймиз.
Самарали ҳамкорлик алоқаларимизни ривожлантиришга қўшаётган катта ҳиссалари учун чин қалбдан ташаккур билдириб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик ва фаровонлик тилаймиз.
Ҳурматли дўстлар!
Биз бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини жадал амалга оширмоқдамиз.
Бизнинг мақсадимиз аниқ ва равшан.
Янги Ўзбекистон:
– ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берадиган;
– одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлган;
– ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган;
– тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган давлатдир.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади.
Ушбу юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида кейинги ишларимизни 5 та асосий вазифалар бўйича ташкил этамиз.
Биринчидан, таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратишни изчил давом эттирамиз. Бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади.
Ушбу тизим аввал илғор хорижий мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилиб, кейингина ҳаётга татбиқ этилади. Натижада Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб етишади. Бунинг учун барча ҳудудларимизда, айниқса қишлоқ жойларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берамиз.
Устоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтарамиз.
Имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълимни ҳар томонлама ривожлантирамиз.
Иккинчидан, суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди.
Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим.
Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз.
Учинчидан, дунё тажрибасидан маълумки, фақат тадбиркорлик ривожланган давлатда – сифатли таълим, малакали тиббиёт, фаровон ҳаёт ҳамда эртанги кунга ишонч бўлади.
Умуман айтганда, биз қураётган Янги Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринлари яратилади, камбағаллик қисқаради, аҳоли даромадлари кўпаяди. Бунинг учун хусусий мулк ва тадбиркорликка халақит бераётган барча тўсиқлар бартараф этилади.
Давлат бошқаруви ислоҳ қилиниб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтирилади.
Биз аҳоли ва тадбиркорларга солиқ юкини енгиллаштириш, солиқ тизимини соддалаштириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттирамиз. Бунда ҳеч кимга алоҳида имтиёзлар берилмайди, соғлом рақобат муҳити учун барча зарур шароитлар яратилади.
Тўртинчидан, соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирамиз.
Барча ҳудудларда шошилинч тиббий ёрдам қамровини ошириб, уни одамларга янада яқинлаштирамиз.
Мақсадимиз – халқимиз соғлом ҳаёт кечириши ва ўртача умр кўриш даражасини узайтиришга эришиш.
Бешинчидан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи доимо диққатимиз марказида бўлади.
Соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилади.
Шу билан бирга, муаммоли ҳудудларга тоза ичимлик сувини етказиш ва сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастурларни амалга оширамиз.
Муҳтарам дўстлар!
Албатта, бундай кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда олдимизда турли қийинчилик ва муаммолар пайдо бўлиши табиий ҳол. Лекин ўз тарихида қанча-қанча синов ва машаққатларни бошидан кечирган мард ва матонатли халқимиз ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга қодир. Мен бунга қатъий ишонаман.
Асосий муаллифи ва ижодкори халқимиз бўлган – янгиланаётган Конституциямиз бу йўлда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Асосий қонунимизни шошилмасдан, чуқур ўйлаб, халқимиз билан маслаҳат қилиб, фақат умумхалқ референдуми асосида қабул қиламиз.
Ишончим комил, Янги Конституциямиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Жаҳондаги бугунги мураккаб вазият биздан ишнинг кўзини билиб, кечаю кундуз фидойи бўлиб, самарали меҳнат қилишни талаб этмоқда.
Шу боис Қуролли Кучларимизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Аскар ва офицерларимизнинг жанговар тайёргарлиги, ҳарбий маҳорати, ватанпарварлик фазилатларини оширишга янада кўпроқ аҳамият берамиз.
Мана шу қутлуғ кунда Ватан ҳимоясида доимо сергак ва ҳушёр турган мард ва жасур ўғлонларимизни чин дилдан қутлаб, уларга куч-ғайрат ва омадлар тилаймиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бугун биз ўз олдимизга улуғвор ва юксак мақсадларни қўймоқдамиз.
Ана шундай улкан марраларга етиш йўлида кўпмиллатли эл-юртимиз янада бирлашиб, ягона аҳил оила, ягона халқ бўлиб, астойдил ҳаракат қилмоқда.
Бу – биз эришаётган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам гарови, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, ислоҳотларимизни фаол қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда доимо фидоийлик кўрсатиб келаётган меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг халқимизга чин дилдан таъзим қиламан.
Сиз, азиз юртдошларимни Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман.
Эзгу орзу-ниятларимиз амалга ошсин!
Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!