Сайт находится в тестовом режиме

Сайт находится в тестовом режиме

Версия для слабовидящих

Хавфсиз йўл - осойишта кун ва янги ғоялар муқаддимаси. Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожонов билан суҳбат

19.02.2022

Президентимиз раислигида 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўта муҳим ва кечиктириб бўлмас мавзу — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари бу соҳадаги тизимли муаммоларни танқид қилиб, уларнинг ечими бўйича устувор йўналиш ва долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Соҳадаги муаммо ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани юзасидан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат БОБОЖОНОВга саволлар билан мурожаат қилдик.

— Таъкидлаш жоизки, ўтган даврда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бир қатор замонавий иш услублари ва инсон омилини чекловчи рақамли технологиялар жорий этилди, — деди П.Бобожонов. — Масалан, фуқаролар билан бевосита мулоқотни чеклаш учун ходимларга планшетлар, бодикамералар тарқатилди ва қоидабузарликларни электрон тарзда расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилди.

Йўлларга 367 та радар ва 1584 та видеокамера (шундан 430 таси қоидабузарликни аниқловчи) ўрнатилди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги 111 та чорраҳага 1020 та видеокамера ўрнатилиб, шаҳар ИИББнинг ситуацион марказига интеграция қилинди. Фуқароларга қулайлик яратиш учун давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш, автомашина ойналари тусини ўзгартириш учун рухсат берилди. Ҳайдовчилардан имтиҳон олиш жараёнини жамоатчилик томонидан, шу жумладан, интернет тармоғи орқали кузатиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, хусусий тадбиркорларга автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш фаолиятини юритиш ва ўз ҳисобидан йўлларга радар ўрнатиш учун рухсат берилди.

Тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 4 мингдан ортиқ ходим аттестациядан ўтказилди, охирги 3,5 йилда йўлларда хизмат олиб борувчи йўл-патруль хизмати ходимларининг деярли 70 фоизи тўлиқ алмаштирилди. Фуқароларнинг оворагарчилиги олдини олиш учун 31 та ЙПХ маскани қисқартирилди.

Лекин таҳлиллар ва ўрганиш натижалари мазкур соҳада бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Очиқ тан олиш керак, бугунги кунда йўлларда фуқаролар учун хавфсиз шароит яратиш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва ҳаракатланиш маданиятини шакллантириш борасидаги ишлар талабга тўлиқ жавоб бермайди. Хусусан, ҳар йили йўлларимизда 10 мингтагача автоавария содир этилмоқда. Бунинг оқибатида ўтган йили 2,5 мингга яқин киши бевақт ҳаётдан кўз юмди, 9 мингдан ортиқроғи турли даражадаги тан жароҳати олди.

Бундай йўл-транспорт ҳодисаларига, асосан, ҳайдовчиларни ўқитиш сифати, қоидабузарларга нисбатан жазо чоралари етарли эмаслиги, ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига қасддан амал қилмаслиги, шунингдек, йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб бўлмоқда. Қонун-қоидаларни менсимаслик шу даражага бориб етганки, ҳатто 13 мингдан зиёд фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмай туриб, яна маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган.

Аварияларнинг 20 фоизи тезликка риоя қилмаслик, 25 фоизи йўллардаги камчиликлар, 47 фоизи пиёда иштирокида, 10 фоизи ҳайдовчилар тажрибасизлиги, 8 фоизи қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш, 6 фоизи велойўлак бўлмагани оқибатида содир этилган.

Юқоридаги таҳлиллар йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоқли қисми пиёдалар, айниқса, болалар иштирокида содир этилаётганини кўрсатмоқда. Бунинг оқибатида ўтган йили 965 пиёда, жумладан, 263 бола вафот этган.

— Айнан болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Президентимизнинг 2019 йилда Жиззах вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи асосида ўтган даврда дастлаб Жиззах вилоятида, сўнгра республиканинг бошқа ҳудудларида жами 380 та умумтаълим мактабида йўл ҳаракати қоидаларини ўқитиш бўйича махсус синфхоналар, 167 та мактабда йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари ташкил этилди. Мазкур шароитлардан фойдаланиб, мактабларда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари бўйича зарурий тушунчалар берилмоқда, йўлларда ўзини хавфсиз тутиш юзасидан кўникмаси шакллантирилмоқда. Лекин бу ишлар билан республикадаги фақат 4 фоизгина мактаб қамраб олинган, холос.

Бу борада кенг жамоатчилик фикри ўрганилиб, бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Биринчи босқичда мамлакатимиз бўйича барча мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи махсус синфхоналар ташкил этилиб, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” фанини ўқитиш таклиф қилиняпти. Туркия тажрибасидан келиб чиқиб, дастлаб ҳар бир вилоятда болаларни қизиқтирувчи аттракционлар, йўл ҳаракати қоидаларига мослаштирилган биттадан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги истироҳат боғлари”ни ташкил қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, Жанубий Корея тажрибаси асосида мактаб ёнидан ўтган йўлнинг 300 метр масофасида транспорт воситалари ҳаракатланиш тезлигининг юқори чегарасини 30 км/соат этиб белгилаш таклиф этиляпти. Бундан ташқари, мактабларга ўқувчиларнинг келиб-кетиши учун махсус автобуслар ҳаракатини босқичма-босқич йўлга қўйишга зарурат бор.

Кейинги босқичларда эса ҳар бир маҳаллада йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Бунда Норвегия, Германия, Нидерландияда бўлгани каби жамоат транспорти ва велосипедлардан кўпроқ фойдаланишни аҳолига таъсирчан тарзда тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Албатта, бунинг учун жамоат транспорти имижини кўтариш, велойўлаклар ташкил этиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳокимликлар, Автомобиль йўллари қўмитаси, Транспорт вазирлиги билан бирга маҳаллаларда иш олиб боришимиз керак бўлади.

— Йиғилишда йўллар инфратузилмасидаги камчиликлар ҳам танқид остига олинди. Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун қандай чора-тадбирлар кўриш керак?

— Автоавариялар таҳлили ўтган йили ҳар бешинчи йўл-транспорт ҳодисаси йўлларда муносиб инфратузилма ва хавфсиз ҳаракатланиш учун зарур шароитлар яратилмагани сабабли содир этилганини кўрсатмоқда. Мазкур йўналишдаги ўрганишлар бугунги кунда бир қатор муаммолар мавжудлигидан далолат беради.

Хусусан, 2248 километр йўлларда қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаган. 3571 километр пиёдалар йўлаги, 2337 километр велойўлак ташкил этилмаган, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидан 2731 таси ёритилмаган. Шунингдек, 1835 та жойда шовқин чизиқларини чизиш, 2904 та жойда сунъий нотекисликлар яратиш, 750 та светофор ўрнатиш зарурати мавжуд.

Бугун йўлларда 200 мингта йўл белгиси етишмайди, мавжуд 105 мингдан зиёди эса замонавий турдаги йўл белгиларига алмаштирилмаган. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги йўл ҳаракатини ташкил этиш, махсус ўрнатиш ва фойдаланиш бўлинмалари мавжуд эҳтиёжнинг атиги 50 фоизини таъминлаб бермоқда. Хусусан, 2019-2021 йилларда республика бўйича ўрнатилиши лозим бўлган 610 мингта йўл белгисидан 304 минг 775 таси талабга жавоб беради, холос. Бундан ташқари, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида аҳоли гавжум жойларда 25 та ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойини қуришга эҳтиёж бор.

Шунинг учун ҳам видеоселектор йиғилишида муҳим янгилик — ҳокимликларнинг Махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаларини Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати таркибига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Энди уларнинг фаолиятини замонавий талаблар асосида тубдан такомиллаштиришимиз лозим бўлади.

Йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл чизиқлари чизиш фаолияти аутсорсинг асосида хусусий секторга берилади. Мазкур тадбирларни молиялаштириш учун “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ҳамда вилоят жамғармалари ташкил этилади. Шунингдек, йўл белгиларини ишлаб чиқиш соҳасида монополия бекор қилиниб, ушбу тизим тубдан такомиллаштирилади ва соҳада рақобат муҳити яратилади.

Келгусида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидаги йўл белгилари ва йўл чизиқлари ёруғлик қайтарувчи, яхши кўринадиган материаллардан тайёрланади, уларнинг тунги пайтда ёритиш ва кўриниш даражаси яхшиланади. Бунда жойларга ҳайдовчилар томонидан пиёдаларга йўл бермаслик бўйича қоидабузарликларни қайд этувчи махсус видеокамералар ўрнатилади. Тартибга солинмаган ҳамда хавфли йўлни кесиб ўтиш жойларида пиёдалар томонидан бошқариладиган светофорлар ўрнатиш чоралари кўрилади.

— Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш учун нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?

— Бу борада Жанубий Корея, Германия, Хитой каби давлатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди. Шунингдек, мамлакатимизда ҳайдовчиларни тайёрлаш, ўқитиш амалиёти, яратилган шароит, назорат тизими, мавжуд имкониятлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилди.

Очиқ айтиш керакки, аҳвол ачинарли. Хусусан, ҳозир фаолият юритаётган 1348 та ўқув ташкилотининг 745 тасида ўз биноси, 1277 тасида ўз ўқув автодроми йўқ. Уларнинг 41 фоизи ўқув-машқ автомобилидан ижара асосида фойдаланади.

Шунингдек, ҳайдовчиларни ўқитиш мактабларида носоғлом рақобат вужудга келган. Яъни кўпроқ ўқувчиларни жалб қилиш мақсадида ўқитиш учун тўлов миқдори камайтирилган. Бу эса ўқув машғулотларининг сифатсиз ўтказилиши, ҳайдовчида машғулотларга қатнашмаслик каби салбий амалиёт шаклланишига олиб келган. Тўғрисини айтганда, айрим автомактабларнинг мақсади сифатли таълим бериш эмас, балки даромад топишга қаратилмоқда.

Шунинг учун ҳам видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари берган топшириқлардан келиб чиқиб, ҳайдовчиларни тайёрлаш, имтиҳон қилиш ва уларнинг малакасини ошириш тизими тубдан такомиллаштирилади, таълим сифати қатъий назорат қилинади. Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ҳайдовчиларни тайёрлаш фаолиятини амалга оширувчи барча таълим субъектлари ва имтиҳон марказлари танқидий ўрганилади. Ҳайдовчиларни тайёрловчи таълим субъектлари ва имтиҳон марказларига бўлган талаб ҳамда мезонлар белгиланади. Уларнинг бу турдаги фаолиятни амалга ошириши учун лицензия бериш ваколати Ички ишлар вазирлигига ўтказилади.

Автомактабларнинг ўқув методологияси, назарий ва амалий ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўқитувчи ва мураббийларини қайта тайёрлаш, малакасини оширишга эса ИИВ академияси масъул этиб белгиланади. Бундан буён ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси, шунингдек, ҳар бир ҳайдовчи ҳамда автомактабларнинг рейтинги юритилади.

— Давлатимиз раҳбарининг йўл ҳаракатини ташкил этиш ва назорат қилиш тизимини рақамлаштириш бўйича топшириғи бажарилиши ҳам аҳволни тубдан яхшилаган бўларди.

— Ҳа, Президентимиз бежиз бу оғриқли масалага алоҳида тўхталмади. Республикамиздаги 2752 та чорраҳанинг бор-йўғи 145 таси ёки 5 фоизи замонавий камералар билан жиҳозланган, холос. Бу эса йўл ҳаракатини ташкил этиш ва назорат қилиб бориш, чорраҳалардаги тирбандликлар тўғрисида маълумотларни олиш ҳамда бартараф этиш учун имкониятларни чеклаб қўймоқда. Шунинг учун бу соҳада энг илғор ҳисобланган Буюк Британия, Германия, Хитой, Сингапур, Жанубий Корея каби давлатлар тажриба-си ўрганиб чиқилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги йўл участкалари ва чорраҳаларини 1491 та ақлли светофор, 4473 та интеллектуал камера, тезликни назорат қилувчи 720 та қурилма билан жиҳозлаш зарур. Мазкур воситалар ҳокимликлар ёрдамида харид қилиниб ўрнатилган тақдирда худди Тошкент шаҳридаги каби Автомобиль ҳаракатини назорат қилиш ва кузатиб боришнинг ягона марказлашган ва компьютерлаштирилган бошқарув тизими ҳар бир вилоятда ташкил этилиб, интеграция қилинади.

— Президентимиз йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича устувор йўналишларни белгилаб берди. Бу соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ички ишлар органлари олдига қандай вазифалар қўйилди?

— Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади. Бунда халқаро ташкилотлар ва экспертлар, депутатлар, шунингдек, аҳолининг таклифлари ва тавсиялари инобатга олинади. Жумладан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик ва инсон ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган бошқа қоидабузарликлар учун жавобгарлик чоралари илғор халқаро тажриба асосида қайта кўриб чиқилади.

Транспорт воситасини қасддан тартибсиз бошқариш, ўзбошимчалик билан ҳаракат қатнашчиларини тўхташга мажбур қилиш орқали хавфни юзага келтирганлик (“йўл безорилиги”) учун жавобгарлик белгиланади. Ўқитмасдан ва ўргатмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини берганлик учун ҳам жазо чоралари кўзда тутилади.

Сир эмас, сўнгги пайтларда йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш, ҳатто қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ҳам кузатилаётган эди. Энди бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилади. Соҳа вакилларининг шахсий ҳимоя ва фаол мудофаа воситаларидан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилади.

Тегишли қонун ҳужжатлари кучга киргач, ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бошқармалари бошлиқларининг соҳада олиб борилаётган ишлар ва уларни такомиллаштириш борасидаги ахбороти ҳар ойда маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиб борилади. Бундан ташқари, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади. Агар ҳайдовчи томонидан 12 ой давомида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланган жарима балл умумий миқдори 12 баллдан ошса, у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга эса бонус баллари ҳисоблаб борилади.

Олдимизда турган яна бир долзарб вазифа халқаро стандартлардан келиб чиқиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририни ишлаб чиқишдан иборат. Унда, жумладан, Тошкент шаҳри ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг тезлик чекловлари қайта кўриб чиқилади.

Бевосита амалий чора-тадбирларга тўхталадиган бўлсак, 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий 14 та “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Уларда йўл инфратузилмасида мавжуд муаммолар ва “авария ўчоқлари” таҳлил қилинган ҳолда, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича туман (шаҳар) лар кесимидаги манзилли чора-тадбирлар белгиланади. Автомобиль йўлларида транспорт ҳаракатини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш фаолияти рақамлаштирилади. Замонавий ўқув хоналари, назарий ва амалий ўқув инвентарлари ҳамда тўлақонли ўқув-машқ базасига эга бўлган автомактаб ва имтиҳон марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Вилоятлар, кейинчалик бошқа шаҳар (туман) марказларидаги серқатнов чорраҳалар рақамли бошқарувга ўтказилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини такомиллаштириш борасидаги ишлар ҳар ой Олий Мажлис палаталарида муҳокамадан ўтказиб борилади. Оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини янада жадаллаштирамиз. Қолаверса, аҳоли, айниқса, ёшларда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятини шакллантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқишимиз керак. Хуллас, олдимизда қатор долзарб, масъулиятли вазифалар турибди.

Жумладан, ўзининг шахсий манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўяётган нопок ходимлардан тизимни тозалаш чоралари бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Бу борада шахсий таркиб орасида хизмат интизоми ва қонунчиликка сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциявий омилларга барҳам бериш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди. Соҳа фаолиятига сунъий интеллектга асосланган инсон омили таъсирини чекловчи рақамли технологияларнинг жорий этилиши ходимлар томонидан фуқаролар билан манфаатли мулоқотга киришиш ҳолатларига барҳам беради. Шунингдек, йўл-патруль хизмати бўйича фуқаролар орасида сўров ўтказиб борилади ва шу асосда тегишли хулосалар қилинади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаш учун ходимларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга, янгича тизим асосида, ўз касбига виждонан ёндашиб хизмат қилишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Олдимизга қўйилган барча вазифаларни сўзсиз бажариш учун Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимларининг имконияти ҳам, салоҳияти ҳам етарли.

“Янги Ўзбекистон” мухбири Лутфулла СУВОНОВ суҳбатлашди.