Маъмурий жарималар 15 кун ичида тўланса, 50 фоиз чегирма қўлланилади
Президент қарорига (ПҚ–99-сон, 23.03.2023 й.) мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича қўлланилган жаримани ихтиёрий тўлаш тизими янада соддалаштирилади.
Шунга кўра, 2023 йил 1 майдан:
- ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.
Мазкур тартиб эндиликда суд қарорларига асосан қўлланиладиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан:
- судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг “Тезкор маълумотлар” ягона ахборот тизимида автоматик равишда онлайн шакллантирилади;
Бу бўйича маълумотнома судланганлик муддати тугаган ёки судланганлик олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли шахснинг ЯИДХП (my.gov.uz)даги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.