Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Раззақович Бобожоновнинг "21 март – Наврўз умумхалқ байрами" муносабати билан байрам табриги
Ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, фахрийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини 21 март – Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан самимий табриклайман.
Қадимий ва навқирон Наврўз байрами янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлиб, халқимизга хос одамийлик, меҳр-оқибат, саховат ва мурувват каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этгани билан ҳам барчамиз учун ниҳоятда қадрлидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Наврўз – чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир”, дея алоҳида таъкидлаганлар.
Ҳақиқатан ҳам Наврўз умуминсоний ғоялари билан инсоният ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 21 март – Халқаро Наврўз куни, деб белгилангани, ушбу санани жаҳоннинг кўплаб давлатларида кенг миқёсда нишонланиши, унинг нуфузи ва аҳамияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларнинг эл-юрт осойишталиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги шарафли хизматингизда улкан зафарлар ёр бўлишини тилайман.
Юртимизга кириб келган Наврўз байрами - ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага қувонч олиб келсин.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бахт-саодат, дастурхонингизга қут-барака тилайман.
Вазир
генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов