Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Раззақович Бобожоновнинг «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни» муносабати билан байрам табриги
Ички ишлар органлари, ҳарбий тузилмалар ва таълим муассасаларида хизмат қилаётган азиз опа-сингилларимизни, фахрий аёлларимизни баҳор фаслининг нафис айёми «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни» байрами билан самимий муборакбод этаман.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, мўътабар Оналаримизни ардоқлаш, зарур шарт-шароитларни яратиш мамлакатимиз Тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида Президент фармони билан янги тузилма – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил қилингани ҳам ушбу ишларнинг амалий ифодасидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев «Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади», дея алоҳида таъкидлаганлар.
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам кўплаб хотин-қизларимиз халқ манфаатлари йўлида, фидойилик ва садоқат билан хизмат қилиб келмоқдалар.
Айниқса, профилактика, тергов, жиноят-қидирув, йўл ҳаракати хавфсизлиги, маънавий-маърифий ишлар бўйича хизмат ва йўналишларда раҳбар аёллар сони кўпаймоқда. Бу ички ишлар органларининг янада самарали тузилмага айланишида муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Муҳтарама аёллар, азиз опа-сингиллар, фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ушбу айём билан яна бир бор табриклаб, Сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Вазир, генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов