Сайт находится в тестовом режиме

Сайт находится в тестовом режиме

Версия для слабовидящих

Оддий ҳолатга айланган 10 та ҳуқуқбузарлик

16.08.2023

Кундалик ҳаётимиз, юриш туришимизда шундай хатти-ҳаракатлар борки, биз уларни гоҳида эътиборсизлик гоҳида эса онгли равишда амалга оширамиз. Бизнинг наздимизда арзимаган нарсадек туюлган ишнинг келтириб чиқарадиган оқибатлари ҳақида эса ўйлаб ҳам ўтирмаймиз.

Унутмаслик керакки, у қанчалик кичик бўлмасин, ҳар қандай қайд этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган. Ушбу мақолада айнан мана шулар ҳақида сўз боради.

1. Сўкиниш тақиқланади

Сўкиниш ёки ёки ёмон сўзлар айтиш одатий ҳолга айланган. Бунинг учун ҳеч қандай жавобгарлик йўқдек гўё. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам сўкинганлик учун жавобгарлик бор.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда “комментария”га сўкиб ёзганлик ҳам қонунбузарлик ҳисобланади.

Бировни ҳаётда ёки интернет тармоғида ҳақорат қилганлик учун БҲМнинг 40 бараваригача жаримага белгиланган. 1 йил ичида яна 1 марта шундай ҳаракат қилинса, унда бу жиноятга айланади.

Кўчада сўкиниш ёки жамоат тартибини бузиш 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа сабаб бўлади.

2. Қизларга “гап отиш”

Кўп ҳолатларда йигитлар қизларга “гап отиши” (қўпол ёки уятсиз тегиниш ҳаракатлари билан) ёки ҳар хил номақбул ҳаракатлар қилиши мумкин. Бу улар учун нормага айланиб улгурган. Аммо қизларга ёки ҳар қандай шахсга шаҳвоний шилқимлик қилиш қонун билан тақиқланади ва бунинг учун жавобгарлик белгиланган. Ҳаттоки, фуқаро шундай ҳаракат учун 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

3. Жамоат жойида тамаки чекиш

Бозорларда, кўчаларда, иш жойларида, спорт залларида тамаки истеъмол қилиш мумкинми? Қонунчилигимизга кўра, жамоат жойларида мумкин эмас. Бунинг учун эса фуқаро БҲМнинг 1/3 қисми миқдорида жарима жазосига тортилиши мумкин. Жамоат жойларидаги махсус чекиш учун мўлжалланган жойларида тамаки истеъмол қилишни қонун тақиқламайди.

4. Оилавий зўравонлик

Оилавий зўравонликнинг кўриниши ҳар хил. Масалан, эр турмуш ўртоғининг олий таълимда ўқишига ёки ишлашига қаршилик қилиши мумкин. Бу ҳаракат оилавий зўравонлик деб баҳоланади Қуйидаги ҳаракатларни турмуш ўртоғига, собиқ турмуш ўртоғига ёки бирга яшайдиган ёки умумий фарзандга эга инсонга қилмаслик керак:

– унинг мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ёки меҳнат ҳуқуқларини бузмаслигингиз;

– мол-мулкига ёки шахсий нарсаларига шикаст етказмаслигингиз;

– соғлиғини ёмонлашувига олиб келадиган камситиш ҳаракатларини қилмаслигингиз;

– қўрқитмаслигингиз ва яқин қариндошларидан ажратиб қўймаслигингиз лозим бўлади.

Акс ҳолда, бу маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

5. Белгиланмаган жойга ахлат ташлаш

Ҳамма кўчага ахлат ташлаш бу ноқонуний ҳаракат эканлигини ёки камида экологик зарарлигини билса керак. Лекин шунда ҳам ҳар куни белгиланмаган жойга ахлат ташлаш ҳолатлари кўпайса кўпайди, лекин камаймади. Маиший чиқиндиларни (ахлатни) белгиланмаган жойга ташлаш фуқаролар учун БҲМнинг 15 бараваригача жаримага тортишга сабаб бўлади. Мансабдор шахслар эса БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима тўлайди.

Автомобилда ўтириб, ахлат ташлаганлар эса БҲМнинг 1/2 қисми миқдорида жаримага тортилади.

6. Метрода ҳам қоидалар борми?

Метро жамоат транспорти бўлганлиги учун ҳам унинг ўзига хос ва мос қоидалари мавжуд. Масалан, белгиланган чизиқлардан ўтиб кетмаслик бу метрополитендан фойдаланишнинг қоидаларидан бири ҳисобланади. Метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бор.

Метрополитендан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини бузиш фуқароларга БҲМнинг 1/10 қисмидан 1/2 қисмигача, мансабдор шахсларга эса — 1/2 қисмидан 1 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

7. Камар тақмаслик

Автомобиль ҳаракатланаётганда ҳар доим ҳайдовчи камар тақиши зарур (айрим қонунчиликда рухсат берилган ҳолатлар бундан мустасно).

Хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик БҲМнинг 1/2 қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

8. Ҳайдовчи транспорт бошқарганда телефонда гаплашиш

Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Албатта, телефондан қўлларни ишлатмасдан ёки қулоқчинлар орқали фойдалансангиз жавобгарлик мавжуд эмаслигини ҳам билишимиз зарур.

9. Йўлдан ўтаётганда телефонда гаплашиш

Пиёдалар ҳам ҳайдовчилар каби жуда кўплаб йўл қоидаларини ҳар куни бузади. Буларга мисол қилиб, йўллардан белгиланмаган жойлардан ўтишини, йўлдан ўтаётганда телефондан фойдаланиши ёки китоб ўқиган тарзда ўтиши каби бошқа ҳолатларни ҳам кўрсатишимиз мумкин.

Бундай ҳаракатларга пиёда БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

10. Дарс вақтида телефондан фойдаланиш

Ўқувчиларга дарс вақтида қуйидагилар қатъиян тақиқланади:

телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;

телефонни стол устига қўйиш;

мусиқа, шу жумладан наушниклар орқали тинглаш;

сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш (ўйинлар билан шуғулланиш), тасвир (матн, расм, видеоёзув ва фотосуратлар) кўриш, диктофон, калькулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;

суратга олиш ва видео тасвирга тушириш;

телефон (GPRS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар) орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.

Юқоридаги барча биз ҳар куни қиладиган, аммо эътибор ҳам бермайдиган ҳаракатлар ноқонуний ҳисобланади ва барчаси учун қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланган. Қонунни ҳурмат қилинг!

Саламат Туремуратов

Hudud24.uz колумнисти