Сайт находится в тестовом режиме

Сайт находится в тестовом режиме

Версия для слабовидящих

Шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик бергиланди

13.04.2023

Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун ЎРҚ–829-сон, 11.04.2023 й билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ҳуқуқбузарни ижтимоий фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий равишда жалб этишдан иборат бўлиб, у судлар томонидан 8 соатдан 240 соатгача бўлган муддатга тайинланади.

Агар ҳуқуқбузар ўқиётган бўлса, жамоат ишлари ўқишдан бўш вақтда бажарилади.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари қуйидаги шахсларга нисбатан қўлланилмайди:

- пенсия ёшига етган шахсларга;

- ёшга тўлмаган шахсларга;

- ҳомиладор аёлларга;

- 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга;

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;

- доимий ишга эга шахсларга;

- ҳарбий хизматчиларга.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаросига алимент тўлаш мажбурияти бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар маъмурий тартибда чиқариб юборилмайди.

Шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик бергиланди.

Шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш (474-модда), ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (475-модда) каби маъмурий қилмишлар қуйидаги жавобгарликлар қўлланилишига сабаб бўлади:

- 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга;

- 120 соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этишга;

- маъмурий жазоларнинг мазкур турлари қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима солишга.

Шунингдек, ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.

Оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиб, мазкур ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғорда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа сабаб бўлади.