Тест режимида

Андижон вилояти ИИБда «Е-maʼmuriy ish”- ягона ахборот тизимидан фойдаланувчи масъул ходимлар учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди

20.08.2021

Ички ишлар вазирлиги томонидан яратилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ягона электрон иш юритув доирасидаги “E-mamuriy ish” - ягона ахборот тизими жорий йилнинг 26 апрель кунидан бошлаб амалиётга жорий этилганлиги муносабати билан ИИВ ТМБ масъул ходими билан ҳамкорликда Андижон вилояти ИИБнинг мажлислар залида ўқув-амалий семинар ўтказилди. Ўқув-амалий семинарда тегишли ҳамкор ташкилотлар, тезкор-маълумотлар бўлими ҳамда соҳавий хизматлар масъул ходимлари иштирок этдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Андижон вилояти ИИБ тезкор-маълумотлар бўлими бошлиғининг ўринбосари подполковник И.Ғ.Юсупов сўзга чиқди. Унда барча шаҳар-туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, Йўл ҳаракати хавфсизлиги, Тиббиёт бўлими, Мудофаа бошқармаси ҳарбий автомобиль назорати хизмати, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Давлат ёнғин назорати, вилоят Давлат солиқ инспекцияси ҳамда Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси масъул ходимларига ушбу тизим ёрдамида «E-maʼmuriy ish» «Ягона марказлаштирилган ахборот тизими»га маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчилар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида маълумотларни киритилиш имконияти яратилганлиги тўғрисида тушунчалар бериб ўтди.

Ўқув-амалий семинарда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тезкор-маълумотлар бошқармаси масъул ходими У.Саидвалиев ҳам сўзга чиқиб, “E-maʼmuriy ish” ягона ахборот тизимига маълумотларни киритиш тартиблари ва уларни тегишлиги бўйича ҳудудий Мажбурий ижро бюроси, Жиноят ишлар бўйича шаҳар-туман судлари ва бошқа органларга юбориш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Йиғилиш якунида тизимга маълумотларни киритилишида вужудга келаётган муаммолар юзасидан савол жавоблар ўтказилиб, иш самарадорлигини янада ошириш бўйича тегишли таклифлар берилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати