Фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади
Ҳукумат қарори (399-сон, 22.07.2022 й.) билан Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан “E-patrul” тизими босқичма-босқич жорий этилади ва фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади.
Барча маълумотлар электрон текширилади ва патруль-пост ходими фаолияти “бодикамера”га тасвирга олинади.
Низомга кўра, ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқарони тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки “Е-патруль” тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:
-шахс жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилишга асос бўлса;
-шахсни содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлса;
-шахсни ушлаб туришга бошқа қонуний асослар бўлса.
Ходим шахсни тўхтатганда уни тўхтатганлик сабаблари ва асосларини тушунтириши шарт.
Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган фуқаро қуйидаги ҳолларда ички ишлар органига олиб борилади:
-унинг шахсини планшет орқали аниқлаш имкони бўлмаганда;
-қидирувда бўлган ёки бедарак йўқолган шахслар аниқланганда;
-шахсига аниқлик киритиш жараёнида қаршилик кўрсатганда;
-жамоат жойида ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланганда.