Тест режимида

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрами муносабати билан ички ишлар органлари ходимларига йўллаган байрам табриги

02.09.2021

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами муносабати билан ички ишлар органларининг барча ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчи-курсантларини, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини ва фахрийларимизни самимий муборакбод этаман.

Бу йилги байрам “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассам.

Мухтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизнинг иқтисодий, ижтимоий ривожланишга, аҳоли турмуш тарзи яхшиланишига хизмат қилиб, ушбу ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. Қувонарлиси, ислоҳотлар халқимиз ҳаётида яққол ўз аксини топмоқда.

Бу борада “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” концептуал ғояси асосида хизматни ташкил этиб, ички ишлар тизимида сидқидилдан хизмат қилаётган ватанпарвар, фидойи, жасоратли ва мард ходимларимизнинг алоҳида ўрни бор.

Муҳтарам Президентимиз “Барча юртдошларимизни улуғ сафда - Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлишга даъват этаман” деб таъкидладилар. Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон халқи янада бирлашиб, фидоийлик намоён этиши, Ватан учун хизмат қилишни ўзининг олий бурчи деб билиши керак. Бундай паллаларда Сиз ички ишлар органларининг жасур ходимлари доимо олдинги сафларда туриб, халқимизни улуғ мақсадлар сари ундовчи кучга айланиши лозим.

Яна бир бор барчангизни энг азиз байрамимиз – мустақиллик айёми билан табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилавий тотувлик, дастурхонингизга тўкинлик, қут-барака тилайман.

Масъулиятли ва шарафли хизматларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин.

Вазир 
генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов