Тест режимида

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновнинг Янги – 2021 йил муносабати билан йўллаган байрам ТАБРИГИ

01.01.2021

Ҳурматли  ҳамкасблар !

Ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, соҳа фахрийлари ҳамда юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини кириб келаётган Янги – 2021  йил  билан  самимий  табриклайман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган мурожаатномасида мамлакатимизда 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинганлиги, бу борада олдимизда кўплаб масъулиятли вазифалар турганлигидан далолат беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган беқиёс ютуқларимизнинг эътирофидир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Айнан шу талаб тизимда амалга оширилган ва давом этиб келаётган ислоҳотларнинг асоси ва мақсади бўлиб хизмат қилмоқда.

25 октябрь – ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригида, тизим фаолиятига юксак баҳо бериб, “Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади”, – деб алоҳида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, бугун ички ишлар органлари халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, жамиятда тинчлик-осойишталикни таъминлаш борасида самарали ишларни амалга ошириб келмоқда.

Ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган тизимли ишлар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Келгусида ҳам халқ манфаатларига хизмат қилиш, чинакам халқчил, халқпарвар бўлиш ички ишлар органлари фаолиятининг бош мезони бўлиб қолиши лозим.

Ҳурматли ҳамкасблар !

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилангизга тотувлик, дастурхонингизга қут-барака тилайман.

Юртимизда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, қонунчилик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматларингизга муваффақиятлар ёр бўлсин. Гўзал ва бетакрор юртимиз тинч-осойишта, олижаноб, бағрикенг халқимиз ҳамиша омон бўлсин!

Янги – 2021 йил барчамизга қутлуғ келсин!

Пўлат Бобожонов,
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант