Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни марказлаштирилган тартибда ҳисобга олиш тартиби белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларнинг марказлаштирилган ҳисобини юритиш юзасидан масъул орган этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона марказлаштирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда ягона марказлаштирилган ахборот тизими деб аталади) жорий этишга доир чора-тадбирлар режасини бир ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни ҳисобга олиш ахборот тизимининг қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилишини таъминлайди:
ягона марказлаштирилган ахборот тизимига маълумотлар онлайн режимида, “Фуқароларнинг биометрик ҳужжатлари электрон тизими” орқали киритилиши;
махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қайд этган ҳуқуқбузарликлар ягона марказлаштирилган ахборот тизимига электрон компьютер тармоғи орқали тақдим этилиши;
маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича жавобгарликка тортилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни текшириш ҳамда зарур ахборот олиш учун электрон тартибда масофадан туриб фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилиши;
маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан жаримага тортиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг ундирилган жарима тўловларини автоматлаштирилган тарзда биллинг тизими ёрдамида ягона марказлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиш механизми ишлаб чиқилиши ва тажриба тестидан ўтказиш орқали босқичма-босқич жорий этилиши;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли органлар ягона марказлаштирилган ахборот тизими электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда идентификациялаш тизими орқали юритилиши;
электрон рақамли имзо воситаларини ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ сертификатлаш тизими жорий этилиши;
юкланган вазифаларнинг ҳажмига кўра, маълумотларнинг марказлаштирилган ҳисобини юритишга масъул бўлинмаларнинг ташкилий-штат тузилмаси қайта кўриб чиқилиши;
ягона марказлаштирилган ахборот тизимини тажриба тестидан ўтказишни жорий этишга доир ташкилий тадбирларни амалга ошириш якунларига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича икки ой муддатда таклифлар киритиш.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик йўли билан маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, қуйидагилар ҳисобга олишнинг асосий принциплари ҳисобланади:
қонунийлик;
ахборотнинг холислиги, ишончлилиги ва таққосланувчанлиги;
ахборотдан ушбу Низомда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган доирада фойдаланилиши ва уларнинг ошкоралиги;
ҳисобга олишнинг мажбурийлиги ва бир хиллиги.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларнинг марказлаштирилган ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ягона марказлаштирилган ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш орқали амалга оширилади.
Ягона марказлаштирилган ахборот тизими, маълумотларнинг ҳудудий ва идоравий базалари чекланган ҳолда фойдаланиладиган ахборот ресурслари ҳисобланади.
Ягона марказлаштирилган ахборот тизими маълумотларнинг ҳудудий базалари асосида шакллантирилади.
Маълумотларнинг ҳудудий базалари маълумотларнинг идоравий базалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан (кейинги ўринларда ички ишлар органлари деб аталади) шакллантирилади.
Маълумотларнинг идоравий базалари ҳисобга олиш ҳужжатлари асосида ваколатли органларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан шакллантирилади.
Қарорга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни ҳисобга олиш журнали юритилади. Мазкур маълумотлар жазони ижро этиш муддати тугаган кундан бошлаб бир йил мобайнида сақланади. Марказлаштирилган базадаги маълумотлар фойдаланиш чекланган ахборот тизими ҳисобланиб, улардан фақат ваколатли шахслар фойдаланиши мумкин.
KUN.UZ сайти