Тест режимида

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан байрам табриги

01.09.2023

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан сизларни – ички ишлар органларининг барча ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчи-курсантларини, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини ва азиз фахрийларимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қарорларига асосан мамлакатимизда бу йилги байрам “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғоя асосида ўтказилмоқда.

Жойларда “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирлари ҳам, юртимизда инсонга бўлган эътибор юксак қадр топаётганидан далолат бермоқда.

Мустақиллик йилларида барча жабҳалар сингари ички ишлар органлари ҳам ғоят мураккаб, масъулиятли, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтди. Айниқса, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ички ишлар тизимида кенг қамровли ислоҳотлар ўтказилди ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

Ислоҳотлар жараёнида халқ манфаатларига хизмат қилиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси – ҳар бир ходимнинг кундалик фаолият мезонига айланди. Ходимларнинг маънавий дунёқарашини ривожлантириш мақсадида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» деган эзгу ғояни амалиётга татбиқ этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ҳар бир ходимдан куну тун ўз устида ишлаб, халқимизнинг ишончини оқлаш учун фидойилик билан хизмат қилишни талаб этади.

Тизимдаги барча ходимлар зиммасидаги вазифалар масъулиятини англаб етган ҳолда, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаш учун бор куч-ғайратини сафарбар этишига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни байрам билан яна бир бор табриклаб, элу юртимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш йўлидаги масъулиятли ҳамда шарафли хизмат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири