Тест режимида

Праздничное поздравление министра внутренних дел Республики Узбекистан генерал-лейтенанта Пулата Раззоковича Бобожонова в связи с 31-ой годовщиной Независимости Республики Узбекистан

01.09.2022

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми – Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами билан сизларни – ички ишлар органларининг барча ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчи-курсантларини, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини ва азиз фахрийларимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Юртимизда ушбу байрамнинг «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида нишонланаётгани ҳам, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш энг муҳим вазифалардан бири эканлигидан далолатдир.

Мустақиллик йилларида бошқа соҳалар қатори ички ишлар органлари ҳам ғоят шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтди. Айниқса, кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ички ишлар органларида кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилди.

Ислоҳотлар жараёнида халқни рози қилиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш – ҳар бир ходимнинг кундалик фаолияти мезонига айланди. Ходимларнинг маънавий дунёқарашини ривожлантириш мақсадида, «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» деган эзгу ғояни амалиётга татбиқ этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик ҳар бир ходимдан туну кун ўз устида ишлаб, халқимизнинг ишончини оқлаш учун фидойилик билан хизмат қилишни талаб этади.

Барча ходимлар зиммамиздаги вазифалар масъулиятини англаб етган ҳолда, халқимиз ва Юртбошимиз ишончини оқлаш учун бор куч-ғайратини сафарбар этишига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни Мустақилликнинг 31 йиллик байрами билан яна бир бор табриклаб, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини таъминлаш йўлидаги масъулиятли ва шарафли хизмат фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазири

генерал-лейтенант

П.Р.Бобожонов