Тест режимида

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Р. Бобожоновнинг байрам ТАБРИГИ

14.01.2022

Ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таʼлим муассасаларининг профессор ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, фахрийлар ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аʼзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг шонли 30 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни” байрами муносабати билан самимий табриклайман.

Юртимизда сўнгги йилларда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган ғоя асосида, аниқ мақсадга қаратилган манзилли ишлар олиб борилиши натижасида, армиямиз қиёфаси ҳам, ҳарбий хизматнинг маʼно-мазмуни ҳам тубдан ўзгариб бормоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёйев сана муносабати билан йўллаган байрам табригида, “...Муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ, эл-юрт ҳимояси йўлида метин қалқон бўлган мард ва жасур ҳарбийларимиз Ўзбекистоннинг чинакам ватанпарвар баҳодирлари, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. халқимиз ўзининг сизлар каби ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади”, дея юрт ўғлонлари шаʼнини юксак эʼтироф этдилар.

Бугунги кунда Қуролли Кучларимизнинг муҳим асоси бўлган ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тизимни фуқароларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатадиган, ҳар бир ходим Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишни – олий бурчи деб биладиган, барча саʼй-ҳаракатларини инсон қадри учун йўналтирган профессионал тузилмага айлантирмоқда.

Маʼлумки, Муҳтарам Президентимиз 2022 йилни мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эʼлон қилдилар.

Инсон қадрини улуғлаш – энг аввало, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таʼминлаш демакдир.

Бу эса, ўз навбатида ҳар бир раҳбар ва ходимдан катта масʼулият билан бирга, туну-кун ўз устида ишлаб, замонавий билим эгаллашини, машаққатли ва шу билан бирга шарафли касбга бўлган садоқатини ҳар куни исботлашини талаб этади.

Ишонаманки, ўз касбига садоқатли, фидойи ходимларимиз зиммасига юклатилган юксак вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда, шарафли бурчларини виждонан бажариб, халқимиз ва Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган юксак ишончни тўлиқ оқлайдилар.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, хизмат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Пўлат Бобожонов,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант