Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчиларининг I-республика форуми ёшларда ватанпарварлик туйғусининг янада ошишига хизмат қилди
Юртбошимизнинг ўтган йил 13 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Фармойишига биноан, бугун «Туркистон» санъат саройида мамлакатимиз Қуролли кучлари ҳарбий қисм ва муассасалари ёшлар етакчиларининг I-республика форуми бўлиб ўтди.
Уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад эса, келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Она ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, садоқат ва мардлик туйғуларини ривожлантиришдан иборатдир. Шу билан бирга, ушбу соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга давлат ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаолроқ жалб этиш ҳамда ҳарбий қисм ва муассасалардаги ёшлар етакчилари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш ҳам шулар сирасига киради.
Мазкур форумда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий Гвардия, Қуролли Кучлар ва Ички ишлар вазирлиги академиялари, Божхона ва Ҳарбий-техника институтларининг курсантлари ҳамда «Темурбеклар мактаби» ўқувчи-ёшлари, бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Ушбу тадбирда сўзга чиққан мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари, халқимиз ардоғидаги санъат усталари ва шоирлар ҳамда таклиф этилган бошқа меҳмонлар ҳам жаннатмонанд диёримизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар тўғрисида мамнуният ила таъкидладилар.
Шунингдек форум доирасида мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳарбий хизматчиларга йўллаган табрикномаси ҳамда ёш ҳарбий хизматчиларнинг юртимиз ёшларига мурожаати ўқиб эшиттирилди. Шу билан бирга, Сариосиё ва Андижон воқеаларида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларга бағишланган «Мард ўғлонлар номи барҳаёт» номли видеоролик ва ёшларни ватанпарварликка ундовчи ижодий чиқишлар ҳам намойиш этилди.
Шунингдек, форум давомида давлатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий қисм ва муассасаларидаги ёшлар етакчиларига, Ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари ҳарбий бўлим бошлиқларига ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ҳамкор ташкилотларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари топширилди.
Ҳақиқий ватанпарварлик руҳида бўлиб ўтган ушбу форум якунида эса, барча иштирокчилар билан «Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламиз!» шиори остида флешмоб ўтказилди.
ИИВ Ахборот хизмати