Тест режимида

Қонун лойиҳасидаги нормаларни такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди

06.08.2022

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган семинар ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиянинг масъуллари қатнашди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, ички ишлар органларининг ҳамда Миллий гвардиянинг фаолияти ислоҳ қилиниб, жамоат тартибини сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда жамоат тартибини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш бўйича вужудга келаётган муаммолар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини янги даражага кўтариш, масъул давлат органларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича вазифа ва ваколатларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Қонун лойиҳасидаги нормалар билан ички ишлар органларининг масъулияти ошириш, уларнинг хизмат самарадорлигини кучайтириш мақсадида ички ишлар бўлимларининг (бошқармаларининг) бошлиқлари ёки бошлиқ ўринбосарларига қўшимча равишда 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш, профилактика инспекторларига қўшимча равишда 10 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириш белгиланмоқда.

Шунингдек, патруль-пост хизмати ходимларига 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириш, Миллий гвардия органлари ходимларига қўшимча равишда 13 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш ҳамда 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириш ваколати берилиши назарда тутилмоқда.

Тадбир давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар, ҳуқуқбузарликларга нисбатан чора кўришда замонавий ахборот-коммуникatsiя технологияларидан фойдаланиш, уларга нисбатан чоралар кўришда электрон планшетлар, уларни ишлатиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир ваколатларини кенгайтириш ҳамда ушбу соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларга қарши курашиш тизимини самарали ташкил этиш тартибини белгилайди.

Семинарда қонун лойиҳасидаги нормаларни такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир ташкилотчилари

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси