Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори ошади
“Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-45-сон, 28.03.2023й.) қабул қилинди
Фармонга кўра:
2023 йил 1 апрелдан пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилади.
2023 йил 1 апрелдан Ўзбекистон ҳудудида:
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 347 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 677 000 сўм;
- ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 747 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 747 000 сўм;
- 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 296 000 сўм;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (677 000 сўмдан) 747 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига 747 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 535 000 сўм;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўмдан қўшилади;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 535 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Шунингдек, 2023 йил 1 майдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилади.
2023 йил 1 майдан Ўзбекистон ҳудудида:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 000 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 000 сўм этиб белгиланади.