Тест режимида

Қулайлик, тезкорлик ва самарадорлик

16.09.2019

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча соҳа ва тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни ортиб бораётгани, зарур ахборотлардан тезкор хабардор бўлиш, турли интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилаётгани барча соҳаларнинг изчил ривожланишига хизмат қилмоқда.

ИИВ ташаббуси билан қатор вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 мартдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги «Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори талабларининг ижроси муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда автоматлаштирилган тизимлар амалиётга жорий этилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича қоидабузарликларга белгиланган жарима тўловларини электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш имконияти яратилди. Бу эндиликда жарима ва бошқа тўловларни амалга ошириш учун ортиқча вақт сарф этилишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг юқоридаги қарорида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли органларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддат давомида ихтиёрий тартибда бажарилмаган маъмурий жарималарни қўллаш тўғрисидаги қарорлари мажбурий ижро этиш учун электрон ҳужжат кўринишида автоматик равишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизимига юборилиши белгиланган. Жорий йилнинг 20 сентябрь санасидан бошлаб амалиётга татбиқ этиладиган ушбу тартиб ортиқча вақт ҳамда қоғоз сарфини кескин қисқартириши билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, соҳада ахборот-коммуникация технологияларидан янада кенгроқ фойдаланилишини, фуқароларнинг тегишли маълумотларга тезкорлик билан эга бўлишини таъминлаш ҳамда мавжуд электрон тўлов тизимлари орқали жарималар тўланилишига эришиш мақсадида «eJarima.uz» веб-сайти, телеграм ижтимоий тармоғида «eJarima_bot» саҳифаси ва Ягона марказлашган ахборот тизимининг мобиль иловаси амалиётга жорий этилмоқда.

Йиғилишда маъмурий судларга юбориладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришда талаб этиладиган ҳужжатлар ва бу борада ягона суд амалиётини жорий этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам муҳокама қилинди.

 

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ
«Postda» мухбири.
Содиқ ҲАКИМОВ олган сурат.